Ўзбекистоннинг "Arslon" ҳарбий техникаси Россияникидан зўрми? Россия матбуоти Тошкентнинг Москва билан иттифоқчилигига урғу берди

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Халқаро мудофаа соҳасидаги нашрлар Ўзбекистоннинг Arslon бронетранспортёри ва маҳаллий мудофаа саноатини ривожлантиришини муҳим босқич сифатида баҳолади. Айни пайтда Россия нашрлари Лавров ва Саидов учрашувини Москва–Тошкент стратегик шериклигининг тасдиғи сифатида ёритмоқда.

Ўзбекистон зирҳли техникалари мудофаа нашрларида эътироф этилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган зирҳли транспорт воситалари давлат синовларидан ўтказилиб, уларни серияли ишлаб чиқаришга тайёргарлик бошланган.

Ўтган ҳафта президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги махсус техника ишлаб чиқарувчи корхонасига борган.

Krantas бренди остида махсус транспорт воситалари, ҳарбий техника ва ускуналар ишлаб чиқарадиган корхонада президентга Arslon 6x6 ва 8x8 зирҳли машиналари, 155 мм калибрли To'fon ўзюрар артиллерия тизими ҳамда модернизация қилинган Т-64 танки намойиш қилинган.

Корхона асосчиларидан бири Акмал Каримовнинг айтишича, Ўзбекистонда зирҳли техникалар ишлаб чиқариш беш йил аввал бошланган.

Унинг сўзларига кўра, биринчи модель — Тарлон зирҳли автомобили бўлган. Бу техника Қуролли кучлар, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги учун ишлаб чиқарилган ҳамда Европа компонентлари асосида йиғилган.

"Машинанинг конструкцияси, дизайни ва чизмалари ўзимиздаги конструкторлик бюроси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Бу техника хорижий брендлар лицензияси асосида ёки четдан сотиб олинган лойиҳа асосида ишлаб чиқарилмаган. Лойиҳа ўзбек муҳандислари томонидан нолдан яратилган", — деган Акмал Каримов.

Унинг айтишича, кейинчалик корхона шаҳарларда фойдаланиш учун мўлжалланган Қалқон-1 ва Қалқон-2 зирҳли автомобилларини ҳам ишлаб чиқарган.

Arslon моделлари ҳақида гапирар экан, Каримов улар учун чизмалар тайёрлангани ва машиналар ишлаб чиқарилганини билдирди.

Каримов корхонада уларни конвейер линиясида серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тайёргарлик ишлари кетаётганини таъкидлаган.

Gazeta.uz маълумотларига кўра, Arslon 8x8 уч нафар экипаж аъзоси ва саккиз нафар ҳарбийни ташишга мўлжалланган. У 30 мм автоматик тўп ва 7,62 мм пулемёт билан жиҳозланган.

Ушбу техника АҚШнинг Cummins двигатели ва Allison автоматик узатмалар қутиси билан ишлайди.

Arslon 8x8 оғирлиги 33 тонна бўлиб, 600 от кучига эга двигатели уни соатига 105 километр тезликка чиқаради. У бир марта ёқилғи қуйиш билан 600–700 километр масофани босиб ўта олади.

Gazeta.uz унинг ҳимоя даражаси НАТО енгил зирҳли техникалар стандарти бўйича 6-даражага тенг эканини ёзди. Машина 14,5 мм оғир пулемёт ўқлари ва 30 мм снарядларга қарши ҳимояланган, таг қисми эса 10 килограмм тротилга тенг портлашга чидамли қилиб ишланган.

Ушбу 950 от кучига эга дизель двигатель ўрнатилганидан кейин танк соатига 50 километр тезликда ҳаракат қила олади ва бир марта ёқилғи қуйиш билан 500 километр масофани босиб ўтади.

Мудофаа ва хавфсизликка ихтисослашган Defence Blog нашри Ўзбекистоннинг ушбу қадамини миллий мудофаа саноати ривожланишининг белгиси сифатида баҳолаган:

"Ўзбекистон президенти беш йил аввал деярли мавжуд бўлмаган заводда ишлаб чиқарилаётган бронетранспортёрлар, ўзюрар гаубица ва модернизация қилинган совет даври танкини кўздан кечирди. Бу ташриф мамлакат ўзининг миллий мудофаа саноатини амалда нолдан барпо этаётганини кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида баҳоланмоқда", деб ёзади нашр.

Defence Blog га кўра, Arslon бронетранспортёрлари, ўзюрар гаубица ва бошқа янги намуналарнинг пайдо бўлиши Ўзбекистоннинг импорт техника харидоридан маҳаллий ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқарувчи давлатга айланишга интилаётганини намоён этмоқда.

Нашр бу жараённи миллий мудофаа саноати базасини нолдан қуриш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳолайди.

Украинанинг Defence-UA ҳарбий таҳлил портали сарлавҳанинг ўзидаёқ анча қаттиқ баҳо берган:

"Россиянинг БТР-82 машинасидан устун: Ўзбекистон НАТО стандартларига мос янги "Arslon" бронетранспортёрини тақдим этди".

Нашр хулосасига кўра, Ўзбекистон тақдим этган Arslon 8×8 бронетранспортёри совет давридан қолган БТР концепциясидан анча илғор платформа сифатида кўрилмоқда.

Нашр машина НАТО стандартлари асосида яратилгани, кучлироқ ҳимоя тизими ва замонавий жиҳозланиши билан Россиянинг БТР-82 моделига нисбатан устун кўринишини таъкидлайди. Шу билан бирга, бу лойиҳа Ўзбекистоннинг ўз ҳарбий саноатини мустақил ривожлантиришга ўтаётгани ва маҳаллий мудофаа саноати салоҳияти ўсиб бораётганининг белгиси сифатида баҳоланган.

Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ҳарбий техника ишлаб чиқаришни дунёга намоён қилган бир вақтда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий ҳамда халқаро масалалар бўйича мувофиқлашув ҳақида музокара ўтказди.

Podrobno.uz нинг хабар беришича, учрашув Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши доирасида Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган.

Томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва минтақавий ҳамда халқаро кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилган.

Бахтиёр Саидов учрашув "илиқ ва дўстона муҳитда" ўтганини айтган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Podrobno.uz маълум қилишича, вазирлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга содиқ эканини тасдиқлаган.

Учрашувда икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақалараро алоқаларни ривожлантириш ва маданий-гуманитар соҳадаги алмашинувларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Россия ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирларининг Чўлпон -Отадаги учрашувини кузатган Россия нашрлари асосан уни икки давлат муносабатларидаги барқарорлик сигнали сифатида баҳоламоқда.

"Лавров ва Саидов Россия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик йўналишини тасдиқлади", деб таг-сарлавҳа қўйган Взгляд газетаси.