Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Ғарбликлар нега ўзбеклардек чўккалаб ўтиришни ўрганишмоқчи?
- Author, Esther Kahumbi
- Role, BBC Global Health
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Ўзбеклар ва бутун Осиё ҳамда Шарқий Европа халқлари учун чўккалаб ўтириш - кундалик ҳаётнинг бир қисми.
Тошкент, Токио, Кобул ё Пекинда шундоқ йўл четида чўккалаганча гаплашиб турган ёшларни, бозорлар ё вокзалларда чўккалаб ўтирган кексаларни учратиш ҳайратланарли ҳолат эмас.
Зотан Осиёнинг аксар давлатларида ҳовлилар ёки жамоат жойларидаги ҳожатхоналар чўккалаб ҳожат чиқаришга мўлжалланган.
Россия ва қатор Шарқий Европа давлатларида ҳам канализация бормаган ҳудудларда ҳожатхоналар чўккалашга мўлжалланган.
Аммо ғарбликлар учун бу ҳайратланарли воқелик.
Аксар америкалик ва европаликлар учун чўккалаш - уддалаб бўлмайдиган иш.
Осиёча чўккалаб ўтирадиган ҳожатхоналар 2008 йилги Пекин Олимпиадаси олдидан чўккалай олмайдиган ғарбликларнинг норозилик ва шикоятларига сабаб бўлган.
Хитой ўшанда ҳожатхоналарда ғарбча унитаз-туваклар ўрнатганди.
Мутахассислар ҳар доим чўккалайдиган ҳожатхоналарнинг соғликка фойдасини айтиб келишган.
Лекин эндиликда ҳожатхоналардан бошқа жойларда ҳам чўккалаб ўтириш соғлик учун фойдали эканлиги таъкидланмоқда.
Осиёча чўккалашнинг фойдаси нима?
Сўнгги ойларда Осиё давлатларига боргач, чўккалашга уринган сайёҳларнинг видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Лекин уларнинг кўпчилиги чалқанчасига ёки ён тарафга йиқилиб тушади, айримлари мувозанат учун жон-жаҳди билан ниманидир ушлашга интилади.
Бу борада тайёрланган лавҳа ҳам бор.
Мутахассисларнинг айтишича, ёшимиз ўтган сайин танамизнинг эркин ҳаракатланиш қобилиятини сақлаб қолиш учун ҳам чўккалаш муҳим.
Хўш, нега айримлар бемалол чўккалайди ва бошқалар буни эплолмайди?
Чўккалаш - танамизнинг энг муҳим ҳаракатларидан бири.
"Чўккаламасдан ҳеч нарса қилолмайсиз" - дейди АҚШлик профессор Кристофер Пауэрс - "Машинада ўтирасиз ё автомобилдан тушасиз, ҳожатга борасиз, эгилиб, ердан ниманидир оласиз".
Тўғри тренажёрлик залларида чўккалаш талаб этиладиган машқлар кўп ва аксарият уларни уддалайди.
Осиёча чўккалаш ёки тўлиқ чўккалаш эса бутунлай фарқли.
Бунда тиззалар тўлиқ букилади ва олдинга чиқади, оёқлар икки тарафга қараб ёзилади, кўкрак тик тутилади, сон орқа тарафи эса тўпиғингизга тегиб туради.
Одамларнинг тана ҳаракатларини яхшилаш учун чўккалашдан ҳам фойдаланадиган мутахассис Мат Сю "Осиёча чўккалаш" деган тушунчани бироз янглиш, деб билади.
"Африкаликлар ҳам уни бизники дейишади... Славян давлатларида, Шарқий Европада ҳар ким чўккалашни ўзлариники, деб ҳисоблаши мумкин. Бу чўккалаш - ҳамманинг чўккалаши".
Тўлиқ ёки чуқур чўккалаш сон, тизза ва тўпиқ қисмларидан кўпроқ ҳаракат талаб қилади. Оддий чўккалашда бу қадар кўп тана қисмларида ҳаракатни ҳис қилмайсиз.
Чўккалаш нафақат тана ҳаракатланиши ва қайишқоқлигини оширади, балки тана орқа (умуртқа) қисмидаги оғриқларни камайтиради ва ҳаётимиз давомида жисмонан мустақил бўлишимизга ёрдам беради.
Болалар осонгина чўккалай олишади.
Аммо улғайиш баробарида танамизда кечадиган ўзгаришлар тўлиқ чўккалаш қобилиятини йўқотишимизга олиб келади.
Сабаби - қандай ўтиришимизга боғлиқ ҳаёт тарзимиз.
Курсида ўтирамиз, машина ҳайдаймиз, унитаз-тувакли ҳожатхонадан фойдаланамиз. Хуллас, кундалик ҳаётда чўккалаб ўтириш эҳтиёжи камаяди.
"Ишлатмасанг, унутасан" - дейди Профессор Пауэрс.
Осиёликлар нега тўлиқ чўккалай олади?
Ўзбекистон, Хитой ё Японияда ҳам одамлар машина ҳайдайди, курсида ўтириб ишлайди ё унитазли ҳожатхонага боради.
Аммо кўпчилик уйда ҳамон ерда ўтиради. Японияда ерда ўтиришга мўлжалланган ресторанлар бор.
Ўзбеклар ҳам, асосан, кўрпачада ўтиришади. Бугун Ўзбекистондаги қатор ресторанлар хонтахта атрофида ўтирадиган махсус бурчаклар бор.
Ўзбекистон, умуман, Осиёнинг аксар мамлакатларида ҳожатхоналар ҳамон чўккалашга муўлжалланган.
Одамлар уйга оёқ кийимини ечиб киради ва эгилиб ерга ё кўрпачага ўтиради.
Мат Сю ёш йигитлигида жароҳат олгач, чўккалай олмай қолган. Аммо бу ҳаракатнинг қанчалик муҳимлигини билгани учун, узоқ муддат машқ қилиб, яна тўлиқ чўккалай олиш қобилиятини тиклайди.
Осиёликлар қандай чўккалайди?
Аммо одам ёши ўтган сайин чўккалашга қийналади. Умуртқа, сонлар ва тўпиқ қисмлар ҳаракатланиши чекланади.
Тадқиқотларга кўра, ҳар қандай чўккалаш фойдали. Аммо тўлиқ чўккалашнинг ҳам чегараси бор.
Тизза, сон ва орқа умуртқа қисмида муаммолари бўлган инсонларнинг чўккалаши қийин.
Шу сабабли одамларнинг танасига ё олган жароҳатларига қараб, қандай чўккалаш маслаҳат берилади.
Айрим мутахассислар фикрича, асосий масала инсоннинг чўккалай олиш қобилияти эмас, балки қанчалик мустақил ҳаракатлана олишидир.
Ҳар куни чўккалайдиган одамлар узоқ муддатни кўзда тутганда, ундан қандай манфаат кўришлари ўрганилмаган.
Мат Сю эса, асосий гап замонавий ҳаёт тарзимиз туфайли унутилаёзган муҳим тана ҳаракатини тиклашда, деб билади.
"Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, сиз танангизни бошқариб, ўрнингиздан қалқиб тура олишингиз, оғирлик кучини назорат қила билишингиз керак".